Грузия президенти Михаил Саакашвили Тбилиси аэропорти Россиядан грузиялик муҳожирларни олиб келаётган самолётларни қабул қилмаслигини билдирди.

Грузия 4 рус ҳарбийсини жосусликда айблаб, ҳибсга олганидан кейин юзага келган кескинлик асносида ўтган ҳафтада Россия Грузиянинг 130 фуқаросини миграция қоидаларини бузганликда айблаб, юртига депортация қилган эди. Россия Грузия билан барча транспорт қатновини тўхтатиб қўйгани боис, депортация қилинганлар Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли самолётларда Тбилисига олиб келинганди.
М.Саакашвили депортация қилинганлар юк самолётларида эмас, балки йўловчи самолётларда олиб келиниши лозимлигини таъкидлади. У Россияга қарши инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят этишини ҳам маълум қилди. Шунингдек, М.Саакашвили бўҳронга чек қўйиш мақсадида Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини изҳор этди.
Жосусликда айбланган рус ҳарбийлари озод этилганига қарамай, Россия Грузияга нисбатан жазо чоралари жорий қилди ва грузиялик ноқонуний деб айтилаётган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишда давом этмоқда.