БМТ Хавфсизлик кенгаши Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Бан Ки Мунни бир овоздан БМТ бош котиби лавозимига номзод этиб кўрсатди.

Бан Ки Мун сайланса, унинг бу лавозимдаги муддати 2007 йил 1 январдан бошланади. Ҳозирги бош котиб Кофи Аннаннинг муддати эса шу йилнинг 31 декабрида тугайди.
Хавфсизлик кенгаши раиси, Япониянинг БМТдаги вакили Кензо Оишима кенгаш ўз олдига қўйган вазифани, яъни октябрь ойининг бошида янги бош котибликка номзодни танлаб олиш вазифасини адо этганини айтди.
“Кенгаш аъзолари ўз олдига қўйган мақсадни амалга оширганидан мамнун. Ҳозирги ва бўлажак бош котиб ўртасида ишни топшириш ва қабул қилиб олиш учун етарли вақт бўлади, деб умид қиламиз”, - деди Япония вакили.
Хавфсизлик кенгаши тавсия қилган номзод энди БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланиши лозим.
БМТнинг 61 йиллик тарихида Хавфсизлик кенгаши кўрсатган номзод бирор марта рад этилмаган.