7 октябрь куни ўз уйи лифтида отиб ўлдирилган россиялик таниқли журналист Анна Политковская дафн қилинди.

Москвада бўлиб ўтган дафн маросимида мингдан ортиқ киши, жумладан, АҚШнинг Москвадаги элчиси Уилям Бернс ҳам қатнашди. Маросимда Кремлнинг юқори лавозимли бирорта расмийси иштирок этмади.
Россия телевидение ва радиоэшиттиришлар уюшмаси раҳбари Эдуард Сагалаев Россияда “ҳақиқат етишмаслиги” А.Политковская ўлими ортидаги сабаблардан бири эканини таъкидлади.
“Аннанинг ўлими сабабларидан бири жамиятимизда ҳақиқат етишмаслигидир. Агар вазият ҳозиргидек бўлмаганида, агар мамлакатда нималар бўлаётгани тўғрисида ҳақиқатни гапириш, турли фикрни билдириш учун имконият кўпроқ бўлганида мана шундай фожеалар камроқ бўларди”, – деди Э.Сагалаев.