Афғонистон ташқи ишлар вазири Рангин Додфар Спанта Покистонни халқаро террорчилик хавфини камайтириб кўрсатишга ҳаракат қилаётганликда айблади.

Бунга Покистон президенти генерал Парвез Мушаррафнинг “Толибон” жангарилари фақат Афғонистонга хос муаммо экани ҳақидаги ўтган ойда айтган сўзлари сабаб бўлди. Вазир Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида негизида диний экстремизм бўлган халқаро терроризм нафақат Афғонистон, балки Россиядан тортиб, Ҳиндистон ва АҚШ каби демократик давлатларга қарши амал қилаётган халқаро тармоқ эканини таъкидлади. У халқаро террорчиларга бир давлат ёрдам бераётганини айтар экан, Покистонга шаъма қилди. Ўтган ойда Покистон президенти П.Мушарраф “Толибон” жангарилари Афғонистондаги пуштун қабилалари вакиллари эканини айтган эди. Афғонистон ва турли давлат сиёсатчилари “Толибон”нинг сўнгги ойларда фаоллашиб қолишида Покистондаги радикал гуруҳларнинг ҳиссаси борлигини билдириб келмоқда. “Толибон” режими 1996 йилда Покистоннинг ёрдами билан Афғонистонда ҳокимияти тепасига келган эди. Покистон “Толибон”ни тан олган уч давлатдан бири бўлган.