Тожикистон хавфсизлик кучлари расмийси Ўзбекистонни қуролли жанггариларга қарши ўзининг курашига халқаро тус бериш мақсадида минтақавий террор тахдиди яратишга уринаётганликда айблади.

16 октябр куни журналистлар саволларига жавоб берган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Махмадсаид Жўрақулов “Туркистон Исломий ҳаракати” Ўзбекистон махфий хизмати томони-дан ўйлаб топилган ном экани аслида у “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг айнан ўзи эканини айтди.
Жўрақуловга кўра, президент Ислом Каримовни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган “Ўзбекистон исломий ҳаракати” Тожикистон ва Қирғизистонга жиддий таҳдид солмайди: “У “Ўзбекистон исломий ҳаракати" бўлиб қолаверади. Бу ташкилот Ўзбекистоннинггина бош оғриғи эканлигини ҳамма билади. Улар учун Тожикистон ва Қирғизистон шунчаки босиб ўтиладиган ҳудуддир. Уларнинг мақсади Ўзбекистонга ўтиб олишдир”, – деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси.
Махмадсаид Жўрақуловга кўра, ҳозирда “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг 23 аъзоси Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилмоқда.