Ўзбекистонга сафар қилган Германия парламенти делегацияси Андижондаги қонли воқеаларидан сўнг президент Ислом Каримовнинг ҳукумати инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида жиддий чоралар кўрмаган, деган хулосага келди.

“Яшиллар” партияси аъзоси Волкер Бек Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин жорий қилган санкциясини бекор қилмаслиги керак деган фикр билдирди: “Делегациямиз тайёрлаётган хисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи муҳокама қилинади. Менинг шахсий фикрим шундан иборатки, санкцияларни бекор қилиш учун инсон ҳуқуқлари соҳасида етарлича яхшиланиш рўй бермаган”, – деди Волкер Бек.
Президент Каримов Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишни рад этганидан кейин Европа Иттифоқи ўтган йил Ўзбекистонга қурол эмбаргоси жорий қилган ва Андижонда қуролсиз фуқароларнинг ўлдирилишига масъул эканликда гумон қилинган Ўзбекистон расмийларга бир йил давомида Европа Иттифоқига виза бермаслик ҳақида қарор қабул қилган эди. 14 ноябр куни Европа Иттифоқининг ана шу чекловни бекор қилиш ёки бекор қилмаслик масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.