20 октябр куни Финляндиянинг Лахти шаҳридаги Европа Иттифоқи раҳбарлари учрашувида Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашади.

Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финляндия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларини Путин билан учрашув чоғида бир овоздан гапиришга чақирди.
Маълумотларга кўра, учрашувда Европа Иттифоқи Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, демократия ва сўз эркинлиги, журналист Анна Потилковскаянинг ўлдирилгани ва бошқа масалаларни кўтаришни ҳам режалаган.
Европа Иттифоқи Комиссияси раҳбари Хосе Мануел Барозо Путин билан сўзлашув чоғида энергетика масаласидан бошқа кўплаб муаммолар ҳам кўтарилишини айтди: “Россия бизнинг қўшнимиз ва жуда муҳим ҳамкоримиз. Биз ҳамма масала, жумладан инсон ҳуқуқлари аҳволи, қонун устиворлиги, айниқса, сўз эркинлиги масалаларини Россия билан муҳокама қилишимиз керак”, – деди Европа Иттифоқи Комиссияси раҳбари Хосе Барозо.