АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Токиода Япония раҳбарлари билан учрашди.

Райс хоним ўз мамлакати Японияни Шимолий Кореянинг ядро тахдидан ҳимоя қилишда ёрдам беришга тайёрлигини айтди: “Биз, шунингдек, нозик вазиятда ўз мудофаа иттифоқимиз муҳимлиги тўғрисида ҳам гаплашдик. Мен Ташқи ишлар вазири Таро Асо ва Бош вазир Шинзо Абега икки мамлакат ўртасида имзоланган барча келишувлар жумладан 1960 йилда эришилган “Ўзаро мудофаа ҳақида”ги келишувга мувофиқ Қўшма Штатлар Японияни мудофаа қилишда ўз мажбуриятларини бажаришга тайёр эканини яна бир бор таъкидладим”, – деди Кондолиза Райс.
АҚШ Давлат котиби Япония Ташқи ишлар вазири Таро Асо билан учрашганидан сўнг шундай баёнот берди. У Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасида сўзлашувлар олиб бориш мақсадида Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Россияга сафар қилади.