Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлик бўйча маслаҳатчиси Стивен Ҳэдли кеча кутилмаганда Бағдодга борди.

АҚШ расмийси ироқлик ҳамкасби Мувафақ ал-Рубаийй ҳамда бош вазир Нури ал-Маликий билан учрашди. АҚШ ҳукумати матбуот вакили Гордон Жонлроуга кўра, Ҳэдлининг сафаридан мақсад путури кетаётган муносабатларни яхшилаш эмас, балки сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик жабҳаларидаги вазиятни ўрганишдан иборатдир. Вашингтон расмийсининг Бағдодга сафари Қўшма Штатлар ва Ироқ ҳукуматлари ўртасида барқарорликни ўрнатиш ва Америка қўшинларини олиб чиқиш борасида келишмовчиликлар кузатилаётган пайтга тўғри келди. Айни пайтда, Ироқ ташқи ишлар вазири Хушёр Зебарий Рейтерс агентлиги билан суҳбатда, Бағдод БМТ Хавсизлик кенгашидан Қўшма Штатлар етакчилигидаги халқаро кучлар ваколатининг яна бир йилга узайтирилишини сўраш ниятида эканини маълум қилди.
“Фикримизча, Ироқ ва минтақадаги хавфсизлик учун халқаро кучларнинг мамлакатда қолишига эҳтиёж бор ва бу жуда муҳимдир. Айни пайтда, Ироқ ҳукумати халқаро қўшинлардан хавфсизликни таъминлаш масъулиятини қабул қилиб олиш ниятида қатъийдир”, - деди Ироқ ташқи ишлар вазири.
Айни пайтда, Ироқда зўравонликлар давом этяпти. Кеча Бағдоднинг Садр туманида амалга оширилган портлашда 30 киши ҳалок бўлди ва 60га яқини жароҳатланди.