Россия ҳукумати мулозими Эрон ядровий дастури тинч мақсадларда амалга оширилаётгани ва бўҳронни ҳал этиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари эмас, сиёсий мулоқот кераклигини таъкидлади.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игорь Иванов сешанба куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Россияда Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзламаётганига оид маълумотлар йўқлигини айтди. Айни пайтда, Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон суҳбатида Эрон ядровий дастурига оид музокараларга Европа томонининг бу борада қарор қабулишга етарли ваколати йўқлиги ҳалақит бераётганини айтди. Бу ҳақда Эрон телевидениеси хабар қилди. Кеча Москва тарқатган хабарга кўра, Путин Ахмадийнажотга Россия Эрон ядровий бўҳрони борасидаги музокаралар давом этиши тарафдори эканини айтган. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Хавьер Солана Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний билан бир неча ой давомида олиб борган музокаралари натижасиз якунланди. Айни пайтда, кеча, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад эл-Барадей Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаётганини ҳозирча тасдиқлай олмаслигини маълум қилди.