Вашингтон Сурия Эрон ва Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳини Ливанда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганликда айблади.

Оқ уй матбуот котиби Тони Сноу Қўшма Штатларда Сурия, Эрон ва Ҳизбуллоҳ Ливан ҳокимияти тепасидаги Фуад Синиора ҳукуматини ағдаришни режалаётганига оид “жиддий далиллар” борлигини айтди. Оқ уй матбуот вакили айтилаётган далиллар борасидаги тафсилотларга тўхталишдан бош тортди.
“Биз минтақадаги барча кучларга, Синиора етакчилигидаги ҳукуматдан қўлларини тортишлари лозимлигини аниқ айтиб қўймоқчимиз. Ливан ҳукуматининг ишига аралашманг”, - деди Оқ уй расмийси.
Суриянинг Вашингтондаги элчихонаси Дамашқ Ливан ҳокимиятини ағдариш фитнасига аралашгани ҳақидаги Қўшма Штатлар айбловларини “кулгили”, дея инкор этди.