Хитой ҳукумати келаси уч йил давомида Африка давлатларига беш миллиард доллар миқдорида қарз беришга қарор қилди.

Пекинда ўтаётган Хитой-Африка саммитида Хитой президенти Ху Цзинтао шу ҳақда маълум қилди. Ху Цзинтао Африканинг қирқдан ортиқ давлати делегацияларига Хитой 2006 йилда Африка мамлакатларига кўрсатаётган ёрдами ҳажмини 2009 йилга қадар икки ҳиссага оширишини билдирди. Бундан мақсад, унинг айтишича, Хитой ва Африка давлатлари ўртасида янги стратегик ҳамкорлик яратиш ва алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.