Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон ҳокимияти ва мухолифат ўртасида эришилган муросани олқишлади.

ЕХҲТ етакчиси Карел де Гухт Қирғизистондаги барча партиялар ҳамда речпублика ҳокимиятининг барча бутоқлари билан самарали ҳамкорлик қилишга умид билдирди. Мухолифатчи депутатлар етакчилигидаги "Ислоҳотлар учун" ҳаракати уюштирган ва бир ҳафта давом этган норозилик намойишлари Қирғизистонда янги Конституция қабул қилиш, мамлакатни парламент-президент республикаси, деб эълон қилиш билан якунланди. Янги Асосий Қонун тўғрисидаги қонун лойиҳасини Қурманбек Бақиев пайшанба куни имзолади.
“Мазкур ҳужжатни Қирғизистонда демократия ривожи сари ташланган янги қадам ва мамлакатимиз конституциявий асосларининг такомиллашуви, деб биламан. Бу ерда кучли президент, кучли парламент, кучли ҳукумат ҳамда соғлом фуқаровий жамият мавжуд. Бир нарсани таъкидламоқчиман, бу ерда мағлуб бўлганлар йўқ. Қирғизистон халқининг манфаатларини кўзлаган ҳолда барчамиз конституциявий ислоҳотлар борасидаги тортишувларда бир ечимга келишга ҳаракат қилдик”, - деди Қ.Бақиев ҳужжатни имзолагандан сўнг.
Янги Конституция учун парламентнинг 65 депутати овоз берди. Мазкур ҳужжат мамлакат президенти ваколатларини қисқартириб, парламент ваколатлари доирасини кенгайтиради.