Афғонистонлик ва эронлик бир гуруҳ фаоллар Эронда яшовчи афғонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кампаниясини бошлади.

Эронлик Борган Диваргарнинг “Фардо” радиосига айтишича, бу кампания асосий мақсадларидан бири Эронда яшаётган афғонларнинг турмуш тарзини яхшилаш ҳамда уларни депортация қилинишдан сақлашдир.
“Афғонларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида жамғарма яратишни мақсад қилдик. Бир неча ўқитувчи ёш афғон болаларини ҳақ олмай ўқитишга ваъда берди. Ўқитувчилар яна моддий жиҳатдан ёрдам бериш ҳамда афғонларнинг депортация қилиниши олдини олишга ҳам иштиёқ билдирмоқда”, - деди Б.Диваргар.
Яқинда Эрон расмийлари турли баҳоналар келтириб, ҳужжати бўлмаган афғонларни мамлакатдан депортация қилишни бошлаб юборган эди. Айни пайтда Эронда тахминан бир миллионга яқин афғон қочқини яшайди.