Ўзбекистонда илк бор ўтказилган сиам эгизакларини ажратиш операцияси муваффақиятли якунланди.

“Операция эрталаб соат 9 да бошланиб, кечқурунги 11 гача давом этди. Ҳаммаси яхши. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошчилигида шифокорлар, Россиядан келган шифокорлар - ҳаммаси қўлдан келганча ҳаракат қилди. Улар операция муваффақиятли ўтганини айтмоқда. Ҳаммаси хурсанд, биз ҳам хурсандмиз”, - деди эгизакларнинг амакиси “Озодлик” радиосига.
Сиам эгизаклари Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида Раҳмоновлар оиласида шу йилнинг июль ойида дунёга келган. Дастлаб Москвадаги Филатов номидаги шифохона Ҳасанжон ва Ҳусанжонни ажратиш бўйича жарроҳлик амалиётини бепул ўтказишга рози бўлган эди. Бироқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш мутассадилари бу таклифга кўнмай, эгизакларни ажратиш операциясини Тошкентда ўтказишга қарор қилганди.