Қирғизистондаги Ислоҳотлар учун мухолиф ҳаракати Бош вазир Феликс Куловнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Ҳаракат етакчиларидан бири Эдил Байсалов фикрича, Бош вазир Кулов ва унинг ҳукумати ўз ихтиёри билан истеъфо бериши лозим ва бу бўлажак сиёсий инқирозларнинг олдини олиши мумкин.
“Фикримизча, Феликс Кулов учун бу вазиятда энг осон ва ҳал қилувчи қадам ўз ихтиёри билан истеъфо беришдир. Шундагина биз янги конституцияга мос равишда ҳукумат тузиш имконига эга бўламиз ва бу ҳукумат конституцияга биноан иш олиб бориш қурбига эга бўлади”, - деди Қирғизистондаги ислоҳотлар учун мухолиф ҳаракати етакчиларидан бири Эдил Байсалов.
Айнан у шу ой бошида Бишкекда бўлиб ўтган мухолифат митингининг асосий ташкилотчиларидан биридир.