Бағдоднинг Садр мавзеси бозорида машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 140 киши ҳалок бўлди, тахминан 200 одам жароҳатланди.

Гувоҳлар бомба портлаши натижасида 15га яқин машина яроқсиз ҳолга келганини айтмоқда. Мазкур мавзеда АҚШ ҳарбийлари миниавтобусни ўққа тутгани туфайли ироқлик 4 киши ўлди. Уларнинг икки нафари аёл кишидир. Хабарларга кўра, АҚШ ҳарбийлари ироқликларни жангарилар билан адаштириб, ўққа тутган. АҚШ қўмондонлиги воқеа юзасидан текширув ишларини бошлаган. Ироқнинг Анбар вилоятида рўй берган отишмалар чоғида эса АҚШнинг бир ҳарбийси ҳалок бўлди. Шунингдек, 30га яқин жангари Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги биносига ҳужум уюштиргани ҳам хабар қилинмоқда. Бино қўриқчилари ва жангарилар ўртасида отишма бўлган эса-да, қурбонлар ҳақида маълумот тарқатилмади.