Латвия пойтахти Ригада НАТОга аъзо 26 давлат раҳбарлари саммити давом этяпти.

Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш - йиғилиш кун тартибидаги асосий масала сифатида муҳокама қилиняпти. Сешанба куни чиқиш қилган АҚШ президенти Жорж Буш: “Толиблар, “Ал-Қойда” жанггарилари, наркотик контрабандачилари, жиноий унсурлар, маҳаллий қўмондонлар Афғонистонда демократияни бузишга шай бўлиб турибдилар. Уларни енгиш бизнинг Иттифоқдан қатъий бўлишини талаб қилади. Мақсадга эришиш учун у ердаги НАТО қўмондонлари зарурий жихозлар билан таъминланган бўлиши ва улар вазиятга қараб ҳаракат қилишлари лозим”, – деди Ж.Буш.
НАТОга аъзо давлатлар Афғонистондаги ўз ҳарбийлари вазифасини чеклаб қўйган. Масалан, Афғонистонга икки минг 700 нафар аскар жойлаштирган Германия ўз ҳарбийларига мамлакат шимолидаги ҳудудларда нисбатан тинч миссияни бажариш вазифасини топширган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, НАТО давлатлари Афғонистондаги ўз қўшинларига қўйилган чекловларни бекор қилиш ҳақида келишувга эришган.