Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси – Сенат президент Ислом Каримов томонидан таклиф этилган амнистияни пайшанба куни тасдиқлади.

8 декабр куни Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганига 14 йил тўлади. Сана муносабати билан қабул қилинган амнистия оғир жиноятлар содир этмаган ва биринчи марта қамалган чет эл фуқароларига, аёллар ва 60 ёшдан ошган маҳбусларга таллуқли. Жиноят содир этилган пайтда 18 ёшга тўлмаган маҳбуслар ва оғир касал экани расман тан олинган маҳбуслар биринчи марта қамалган бўлса амнистия уларга ҳам тегишли бўлади. Бироқ Ўзбекистон президентининг амнистияси фаолияти таъқиқланган ташкилотларга аъзо бўлганлик учун қамалганларга ҳамда оғир жиноятлар содир этган ва миллий хавфсизликка таҳдид солган маҳбусларга таллуқли эмас. Хусусан Марказий Осиёда исломий халифалик қуришни мақсад қилган радикал “Хизбут Тахрир” ва “Ўзбекистон исломий ҳаракати” гуруҳлари аъзоси бўлган маҳбуслар амнистия қилинмайди.