1 декабр куни Рим Папаси Бенедиктнинг Туркияга тўрт кунлик сафари тугайди.

Туркияга ташрифдан мақсад мусулмонлар билан муносабатни яхшилашдан иборат. Пайшанба куни Бенедикт Истанбул шаҳридаги машхур “Султон Аҳмад” жоъмесини зиёрат қилди. Рим Папаси масжидга киришидан олдин пойафзалини ечиб, ичида дуо ўқиди.
“Султон Аҳмад” жоъмесида Папасини Истанбул шаҳар муфтийси Мустафо Чагричи қаршилади: “Бизнинг умумий маданий қадриятимиз ҳисобланган муҳташам “Ая София” музейидан кейин Папанинг “Султон Аҳмад” жоъмесини зиёрат этиши динларимиз ва динга эътиқод қилувчиларимиз ўртасидаги алоқалар ривожига янги туртки беради”, – деди Истанбул шаҳар муфтийси.
Бенедикт XVI ”Султон Аҳмад” масжидига борган иккинчи Рим Папаси бўлди.