АҚШ Конгрессининг Ироқдаги вазиятни ўрганиш гуруҳи тақдим этган тавсиялар юзасидан турли муносабатлар билдирилмоқда.

Бу ҳужжатда Ироқдаги вазиятга салбий баҳо берилиб, имкон қадар сиёсий чоралар кўрилиши тавсия этилган. Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий расмий Теҳрон Ироққа ҳар қандай ёрдамга тайёр эканини билдирди. Ироқнинг мартабали диний уламолари фикрича, ҳисоботда мамлакатдаги вазият ҳақиқатга яқин қилиб кўрсатилган.
“Менимча, бу холис ҳисобот. Шу боис, президент Буш уни жуда қатъий, деб атади. Бу воқелик бошқа воқеликларни ҳам кўрсатди. Биринчи ҳақиқат муваффақиятсизликни тан олиш бўлди. Ғалабага эришилгани, муваффақият қўлга киритилгани, Ироқда вазият яхшилангани йўқ”, - деди Ироқдаги мусулмон уламолар уюшмаси вакили Башар Фаҳдий.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ҳисоботдаги хулосалар борасида шубҳа билдириб, Ироқдаги вазиятни бошқача баҳолаётганини маълум қилди.