АҚШнинг кўп марта фойдаланиладиган “Дискавери” фазо кемаси Флоридадаги Кеннеди номидаги космодромдан маҳаллий вақт билан кечки соат 8:47да Халқаро космик станция томон парвоз қилди.

“Дискавери” сўнгги тўрт йилдан бери биринчи марта куннинг қоронғу пайтида учирилди. 2003 йилдаги “Колумбия” кемасининг ҳалокатидан кейин фазо кемаларини тунда учириш тақиқлаб қўйилган эди. “Дискавери” экипажи сафида Европа фазо агентлиги вакили Кристер Фуглесанг ҳам бор. У Ер орбитасига учган биринчи швед астронавти бўлди. 12 кунлик парвоз давомида “Дискавери” экипажи Халқаро космик станцияда қўшимча лабораторияларни ташкил этиш мақсадида унинг электр тизимини такомиллаштиришни режалаштирмоқда. НАСА Халқаро космик станцияни қуришни 2010 йилгача якунлашга ёрдам беришни ният қилган. 2010 йилдан бошлаб кўп марта фойдаланиладиган шаттлларни учириш тўхтатилади.