Ироқдан келаётган хабарларга кўра, ўтган бир кун ичида асосан Боғдоднинг ўзида 82 киши ўлдирилди.

Бундан ташқари мамлакатнинг турли жойларида 52 нафар инсон жасади топилди. Худкуш бомбачи Боғдод марказидаги мардикорларни ўзига чорлагани, сўнг мошинасини портлатиб юборгани хабар қилинади. Портлаш оқибатида 70 киши нобуд бўлди, яна 236 нафари жароҳатланди. Боғдоддаги ушбу воқеадан ташқари Ироқнинг Киркук, Мосул, Риядҳ, Ҳавия ҳамда Басра шаҳарларида ҳам одамлар ўлдирилди. Боғдодда жасади топилган 52 нафар одам мазҳаблараро адоват қурбонлари сифатида эътироф этилмоқда. АҚШ ҳарбий манбаъларига кўра, душанба куни Ироқда беш нафар АҚШ ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлди. Расмий Вашингтон эса, АҚШ президенти Жорж Буш ўзининг Ироқ борасидаги янги стратегиясини келаси йил бошида ошкор этишини эълон қилди. Оқ-уй матбуот котиби Тони Сноунинг маълум қилишича, президент Буш Ироқдаги қўмондонлар ҳамда АҚШ нинг юқори мартабали расмийлари билан ўтказган видео конференциядан кейин шундай қарорга келди.