Европа Иттифоқи мутахассислари Тошкентда Ўзбекистон расмийлари билан Андижон воқеалари юзасидан сўзлашувлар олиб бормоқда.

Финляндиялик дипломат Пекка Ҳойноненнинг “Озодлик радиоси”га айтишича, ЕИ делегацияси Ўзбекистондан жўнаб кетишдан аввал Андижонга боришга умид қилмоқда. Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича Европа Иттифоқининг мутахассислар гуруҳи 12 декабр куни Тошкентда ўз ишини бошлаган эди. Бир ҳафта давомида ҳуқуқшунослар, инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар ҳамда терговчилардан таркиб топган жами 14 кишидан иборат ЕИ миссияси Андижон воқеалари борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим этилган ҳисоботни ўрганиб чиқадилар, Андижон воқеаларини қирғин сифатида таърифлаган бошқа ҳисоботлар билан таққослайдилар. Ўзбекистон расмийларига кўра, Андижондаги қуролли исломий гуруҳлар исёни натижасида 190 киши ҳалок бўлган. Бироқ инсон ҳуқуқлари химоячилари таъкидича, Ўзбекистон хавфсизлик кучларининг тинч аҳолини ўққа тутиши натижасида бир неча юз одам ўлдирилган.