Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий собиқ президент Саддам Ҳусайн даврида миллий армияда хизмат қилган ҳарбийларни мамлакатнинг янги армиясига қўшилишга чақирди.

Бағдодда уюштирилган “Ироқда миллий ярашув” мавзуидаги анжуманда бош вазир: “Ироқнинг янги армияси собиқ армия аъзоларига ўз эшикларини очди. Миллий бирлик ҳукумати ўз мамлакатига профессионал асосда хизмат қилишни хоҳлаганларни ўз армиясига қабул қилиш истагида”, - деди.
Шунингдек, у парламент аъзоларини мамлакат конституциясидаги айрим, хусусан, “Баас” партияси аъзоларидан тозалаш қўмитаси, коррупцияга қарши кураш ва бошқа бандларни қайта кўриб чиқишга чақирди. Икки кунлик бу анжуман Ироқда зўравонликларни тўхтатиш мақсадида ўтказилмоқда.