24 декабрь куни Туркманбошини дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Унинг жасади Ашхобод яқинидаги Қипчоқ қишлоғида жойлашган Ниёзовларнинг оилавий мақбарасига, ота-онаси ва икки акасининг ёнига қўйилди. Сапармурод Ниёзовни сўнгги манзилга кузатиш учун Ашхободдаги президент саройига узоқ-яқин мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари, туркманистонлик минглаб фуқаро ҳозир бўлди. Ашхобод кўчалари ўз доҳийси билан хайрлашиш илинжида бўлган фуқароларга тўлди. Мотам маросимида АҚШ номидан давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Ричард Баучер ва Россия номидан бош вазир Михаил Фрадков қатнашди. С.Ниёзов 20 декабрдан 21 декабргача ўтар кечаси юрагининг хасталиги туфайли тўсатдан вафот этган эди. У Туркманистонга 1985 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган. Унинг раҳбарлиги даврида Совет Туркманистони мустақил давлатга айланди. 1999 йилда С.Ниёзов туркманларнинг умрбод президенти, деб эълон қилинганди.