Ироқ Ички ишлар вазирлиги 2003 йилнинг март ойидан, яъни АҚШ етакчилигидаги коалиция мамлакатни босиб олгандан бери ироқлик 12 мингга яқин полициячи ўлдирилганини маълум қилди.

Ички ишлар вазири Жавад ал-Боланийнинг айтишича, полициячилар жиноятчи ва жангариларга қарши тўқнашувларда ҳалок бўлган. Якшанба куни ҳам Муқтадия шаҳрида худкуш ҳужуми натижасида етти полициячи ҳалок бўлди, 30га яқини жароҳатланди. АҚШ қўмондонлиги эса Бағдоднинг шарқида амалга оширилган портлашда камида 6 америкалик аскар ўлганини расман эълон қилди. Шунингдек, Эрон чегараси яқинидаги Хонақин шаҳарчасида амалга оширилган портлашда ҳам 18 киши жароҳатлангани хабар қилиняпти. Ироқ жанубидаги Самаваҳ шаҳрида хавфсизлик ходимлари ва шиа жангарилари ўртасида рўй берган тўқнашувда камида тўрт киши ҳалок бўлди. Шаҳарда комендантлик соати жорий қилинган.