Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбекистонлик қочқин Шоҳрух Холиқуловнинг юртига депортация қилинишига йўл қўймасликни сўраб Миср президенти Ҳусни Муборакка мактуб йўллади.

Ш.Холиқулов 21 декабрь куни Қоҳирада Миср хавфсизлик идораси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. У БМТ қочқинлар идорасининг Мисрдаги бўлимига ўзига қочқин мақомини беришни сўраб мурожаат этган ва шу пайтгача БМТ ҳужжати асосида Қоҳирада истиқомат қилиб келган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, айни пайтда Ш.Холиқулов Қоҳирадаги полиция бошқармасида сақланмоқда ва уни Ўзбекистонга депортация қилиш чоралари кўриляпти. Ваҳҳобийлик диний оқимига аъзоликда гумон қилиниб, устидан жиноят иши қўзғатилган Ш.Холиқулов 2005 йилнинг 10 октябрида Ўзбекистонни тарк этган эди. У ўзи яшаган Янгийўл шаҳрида Интернет-кафеда ишлаган. Бироқ 2005 йил майдаги Андижон воқеаларидан сўнг милиция ходимлари Ш.Холиқуловни республикада тақиқланган сайтларни ўқишда айблаб, унга босим ўтказа бошлаган. Ш.Холиқулов Ўзбекистонни тарк этгач, милиция ходимлари Интернет-кафеда тинтув ўтказган. Ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг саккиз дўсти судланиб, турли муддатларга қамалган.