Қирғизистон Парламенти ноябрда мухолифат босими остида қабул қилинган конституцияни ўзгартириш таклифини рад этди.

Таклиф этилган ўзгартиришлар орасида президентнинг бош вазир ва ҳукуматни тайинлаш ваколатини тиклаш ҳақидаги моддалар ҳам бор эди. Мухолифатчи депутат Ўмирбек Текебоев президент Қурманбек Бакиевни конституция қабул қилинаётганда эришилган келишувни бузиш ҳамда ҳокимиятдан ағдарилган президент Асқар Ақаев пайтидаги тузумни тиклашга уринганликда айблади.
“Президент ўч олиб, аввалги, эски тузумни тикламоқчи. У собиқ президент Ақаевданда кўпроқ ҳокимият ва ваколатларга эга бўлмоқчи”, - деди Текебоев.
Янги конституцияга ўзгартириш киритиш масаласи Қирғизистон парламентини иккига бўлиб юборди.