Туркманистон Халқ маслаҳати мамлакатда президент сайловини 2007 йил 11 февралда ўтказиш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди.

Халқ маслаҳати депутатлари Туркманистонга вақтинчалик раҳбарлик қилаётган Қурбонгули Бердимуҳаммедов номзодини президентликка қўйиш таклифини маъқуллади. Туркманистон мухолифати ҳам президентликка ўз етакчиларидан бири Нурберди Нурмамедов номзодини таклиф этди. Бироқ Туркманистон бирлашган демократик мухолифати фаолларидан бири, собиқ ташқи ишлар вазири Авди Қулиев “Озодлик”ка Н.Нурмамедов ҳибсга олинганини билдирди.
“Бугун биз Нурмамедов ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотга эга бўлдик. Аслида у 23 декабрь куни ҳибс этилган ва шу кунгача қариндошларига унинг қаерда экани айтилмаган”, - деди Авди Қулиев.
Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг мухолифатнинг муҳожиратдаги вакиллари Европа, Россия ва АҚШдан мамлакатда демократия ўрнатишда ёрдам сўради. Туркманистон хавфсизлик хизмати мухолифатнинг мамлакатга қайтган ҳар бир вакили ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантирган.