Туркманистон Халқ Маслаҳати мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажараётган Қурбонгули Бердимуҳаммедовни Туркманистон президентлигига номзод этиб кўрсатди.

Сайловнинг ўзи 2007 йил 11 феврал кунига белгиланди. Конституцияга кўра, Туркманистон президенти вазифасини вақтинчалик бажараётган шахс президентлик сайловида қатнаша олмайди, лекин мамлакатнинг олий қонунчилик органи ҳисобланмиш, Халқ Маслаҳати вакиллари конститутциянинг мазкур моддасини ўзгартириб, Бердимуҳаммедовни номзод этиб сайлади. Халқ Маслаҳати шунингдек, Туркманистон президентлигига яна беш номзодни танлаб олди. Эслатиб ўтамиз, Туркманистонни 21 йил бошқарган авторитар президент Сапармурот Ниёзов 21 декабр куни вафот этган эди. Айни пайтда, муҳожиратдаги Бирлашган демократик мухолифат ҳам Туркманистон президентлигига ўзининг ягона номзоди этиб Худойберди Ўрозовни кўрсатди. Бироқ Туркманистон расмийлари мухолифат номзодининг сайловларда қатнашишига руҳсат берадими, йўқми ноаниқ қолмоқда. Туркманистон хавфсизлик идоралари мамлакатга қайтиш ниятини билдирган мухолифат аъзоларини, улар қайтишлари билан дарҳол ҳибсга олинишларидан огоҳлантирди.