Қўшма Штатлар Туркманистонни феврал ойига белгиланган прездентлик сайловини “эркин, адолатли ва очиқ” тарзда ўтказишга чақирди.

АҚШ Давлат Департаменти тарқатган баёнотда, Вашингтон Туркманистоннинг “янги ҳукумати иложи борича турли сиёсий кучлар вакилларидан иборат” бўлишини исташи айтилади. Давлат департаментнинг баёноти Туркманистон Халқ Маслаҳати 2007 йил 11 февралда ўтказиладиган президентлик сайловига олти номзодни танлаб олгани муносабати билан эълон қилинди. Халқ маслаҳати танлаб олган номзодлар орасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва вақтинчалик президент вазифасини бажараётган Қурбонгули Бердимуҳаммедов ҳам бор. Мухолифатдан кўрсатилган номзодларга сайловда қатнашиш имкони берилгани йўқ. Туркманистонни 21 йил бошқарган авторитар президент Сапармурот Ниёзов 21 декабр куни вафот этган эди.