30 декабр куни эрта тонгда Саддам Ҳусайн дорга осиш йўли билан қатл қилинди.

Мазкур хабар расман эълон қилингандан сўнг, қора кийимдаги кишилар Саддамни осиш учун дор остига олиб келгани ҳамда собиқ раҳбарнинг бўйнига арқон ташланганини қўрсатувчи тасвирлар Ғарб ҳамда араб телевидениелари орқали намойиш этилди. Ироқ Хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубоий собиқ диктаторни қатл этиш жараёнига гувоҳ бўлди ҳамда “CNN” телеканалига мана буни маълум қилди:
“Гап бу ерда қасос ҳақида бораётгани йўқ. Адолат қарор топди. Ахир мамлакатнинг жанубида ёки Халабжа шаҳрида курдларга қарши кимёвий қурол ишлатиши натижасида юзлаб, миллионлаб одам қурбон бўлган. Эронга бостириб киришга ҳаракат қилгани, саккиз йил уруш олиб боргани ёки Қувайтга тажовуз қилганини эсланг. Ҳамма ерда қурбонлар бўлган. Ундан жабр кўрганлар хозир адолат қарор топганини эшитиб қониқиш ҳис қилган бўлар эдилар”,- деди Муваффақ ал-Рубоий.
Айни пайтда, Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари хавфсизликни таъминлашга шай ҳолатга келтирилди.
Саддам Ҳусайн Ироққа раҳбарлиги даврида инсониятга қарши жиноятлар coдир этгани учун 5 ноябр куни ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Ўтган ҳафта Ироқ аппелляция суди бу жазони ўз кучида қолдирди.
Бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Саддам Ҳусайн ҳамда унинг собиқ мулозимлари устидан олиб борилган судловни танқид қилдилар.
Ироқнинг собиқ раҳбари 69 ёшда эди. У Ироқ давлатига 1979 йилдан 2003 йилгача раҳбарлик қилган.