АҚШ Конгресси Намоёндалар палатасини мамлакат тарихида биринчи бор аёл киши – Демократик партия вакили Нэнси Пелоси бошқарадиган бўлди.

“Калифорния штати вакили, муҳтарама Нэнси Пелоси кўпчиликнинг овозини олиб, 110-Конгресс Намоёндалар палатаси раислигига сайланди”, - деб эълон қилди палата вакили.
Конгресс Намоёндалар палатаси раислиги ўз салоҳиятига кўра АҚШ президентидан кейинги учинчи лавозимдир. АҚШнинг янги таркибдаги Конгресси 4 январь куни ўз фаолиятини бошлади. Республикачилар партияси сўнгги 12 йилдан буён илк бор Конгресс устидан назоратни демократларга бой бериб қўйди. Кузатувчилар фикрича, бунга сабаб президент Жорж Бушнинг Ироқ бўйича олиб бораётган сиёсатини кўпчилик қўллаб-қувватламаётганидадир.