Исроил ўзининг Эрондаги ядровий объектларга ракета ҳужуми уюштиришни кўзлаётгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Исроил вазирлари маҳкамаси аъзоси Зеев Бойм бу ҳақда маълум қилар экан, шундай таъкидлади:
“Менимча, бу махсус ўйлаб топилган муаммо. Бу ҳақда гапириш ҳам ўринсиз. Биламанки, хориж газеталари Исроил ҳақида кўп миш-миш ёзади ва биз уларни шарҳлаш ниятида эмасмиз”.
Айни вақтда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Муҳаммад Али Ҳусайний ҳам бу борада чиқиш қилди:
“Эрон зудлик билан Исроил ҳужумига жавоб қайтаради ва бу агрессор давлат ўша заҳоти қилмишидан пушаймон ейишга мажбур бўлади”.
Бироз вақт муқаддам Британияда чоп этиладиган “Санди таймс” газетаси Исроил ҳарбий кучлари таркибидаги манбага таяниб, Тел-Авив Теҳрон жанубидаги ядровий объектларга ҳужум уюштирмоқчи, деб хабар тарқатган эди.