Россия нефтининг яна икки Европа давлати – Словакия ва Чехияга узатилиши тўхтатилди.

Аввалига рус нефтининг Полша ва Германияга берилиши тўхтаган эди. Ҳар икки давлат ҳукумати Белорус орқали Россия нефти транзитида узилиш рўй берганини кескин танқид қилган.
Германия Иқтисодиёт вазири Михаэл Глос бу борада баёнот берди:
“Россиядан Германияга келадиган нефтнинг 20 фоизи мана шу қувурдан ўтади. Биз Россия ва Белорус ҳукумати тез орада нефтни узатишни тўла тиклайди, деб кутяпмиз. Ҳозир Германия учун тўғридан-тўғри хавф йўқ. Чунки бизда 90 кунга етарли заҳира бор ва бошқа давлатлардан ҳам нефт сотиб олишимиз мумкин. Содир бўлаётган ҳолат эса нефт берувчи асосий манбаларни фақат Шарқдангина топмаслик кераклигини яна бир бор тасдиқлади, холос”.