Афғонистон ташқи ишлар вазири Додфар Спанта БМТнинг янги раиси Пан Ги Мунга мактуб йўллаб, Покистоннинг икки давлат чегарасига тўсиқ ўрнатиш ва уни миналаштириш режасидан ташвиш билдирди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимининг айтишича, Додфар Спанта жаҳон ҳамжамиятини “террорчиларнинг машғулот марказларини молиялаштириш, жангариларни ёллаш каби иллатлардан қутулиш учун жиддий чоралар кўришга” чақирган.
“Европа ва Осиёнинг узоқ йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, тўсиқ тортиш ва мина ўрнатиш миллатларнинг бирлашиши ва тинчликнинг равнақ топишига олиб келмайди”, - деди вазирлик вакили.