Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Боку ҳукуматидан Озарбойжон мухолифати раҳбари Сардор Жалолўғли қамоқда қийноққа солингани сабабли унга маънавий зарарни қоплаш учун 10 минг евро товон тўлашни талаб қилди.

Сардор Жалолўғли 2003 йилги президент сайловидан кейинги норозилик намойишлари чоғида ҳибсга олинган эди. Мухолифат вакиллари Илҳом Алиев ғалаба қозонган бу сайловни ноқонуний ҳисоблаб, уни тан олмаганди. Расмийлар эса мухолифат раҳбарларини зўравонликлар уюштиришда айблаган, хусусан, Сардор Жалолўғли уч йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Тергов ишлари олиб борилаётган пайтда Сардор Жалолўғлига нисбатан қийноқлар қўлланилган ва натижада унинг соғлиғи ёмонлашган.