НАТО етакчилигидаги коалиция кучлари Покистон чегарасидан Афғонистонга ўтишга муваффақ бўлган жангарилар тўдаси йўқ қилинганини билдирди.

НАТО матбуот хизмати ходими Доминик Вайтнинг айтишича, НАТО ва Афғонистон ҳарбийлари Пактика вилоятида жангариларнинг икки гуруҳини аниқланган ва уларга қарата ҳаво ҳамда артиллерия ҳужумини амалга оширган.
“Дастлабки зарбалар натижасида 150 дан зиёд жангари йўқ қилинди. Кузатувларимиз шуни кўрсатдики, қуролланган жангарилар бир неча юк машинасига ўтириб, эҳтимолий ҳужумга отланаётган эди. Ҳужум ҳозирлигини Покистондаёқ бошлаган бу гуруҳ Афғонистонга ўтиши билан йўқ қилинди”, - деди Доминик Вайт.