Президент Жорж Бушнинг Ироққа қўшимча қўшин юбориш тўғрисидаги қарори АҚШнинг нуфузли сиёсатчилари томонидан танқид қилинмоқда.

Буш мансуб Республикачилар партияси вакили сенатор Чак Хагель фикрича, АҚШ раҳбари Вьетнам урушидан буён ўтган давр ичидаги энг жиддий хатони қилиш хавфи олдида турибди. Демократ Жозеф Байден эса Жорж Бушнинг режаси Ироқдаги вазият учун ечим эмас балки “фожеий хато” бўлишидан огоҳлантирди.
“Биз бу режанинг АҚШ ҳарбийларини уйга қайтариш, айни пайтда улар ортида барқарор Ироқни қолдиришни кўзда тутишига умид билан дуолар қилган эдик. Бунинг ўрнига Ироқдаги уруш оловини янада кучайтириш режасини эшитдик. Урушнинг фақат Ироқ эмас, балки Эрон ва Сурияга ҳам ёйилиш эҳтимолини эшитдик. Райс хоним, президентнинг бу стратегияси вазиятга ечим эмас, балки “фожеий хато”дир”, - деди демократ сенатор Жозеф Байден АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга қарата пайшанба куни.