БМТ маълумотига кўра, 2006 йил давомида Ироқдаги зўравонликлар оқибатида 36 минг киши нобуд бўлган.

Ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Жиани Магазенининг билдиришича, ўтган йил мобайнида Ироқда яна шунча одам турли жароҳат олган. Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ироқда тинч аҳоли вакилларидан 6400 нафари нобуд бўлган, улардан 4700 нафари Бағдодда ўлган. Буюк Британия бош вазири Тони Блэр мазкур ҳолатни “фожеа”, деб таърифлади ва тинч аҳоли вакилларининг нобуд бўлишида террорчи гуруҳларни айблади.
“Ироқда бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлиши фожеадир. Саддам даврида ҳам юзлаб, минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган. Ҳозир ҳам минглаб одамлар ўлдирилмоқда, бироқ уларнинг ўлимига террорчилар сабаб бўлаётир. Бегуноҳ одамларни Буюк Британия ва АҚШ ҳарбийлари ўлдиргани йўқ. Биз уларни ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилмоқдамиз”, - деди Тони Блэр.