Афғонистон президенти Ҳомид Карзай Покистондаги муайян доиралар Афғонистонга қарши курашаётган жангариларни ҳимоя қилаётганини билдирди.

Афғонистон парламентининг янги сессияси бошланишида чиқиш қилган Ҳ.Карзай наркотиклар ноқонуний савдоси ва коррупция ҳам мамлакатда зўравонликларнинг авж олишига ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Афғонистондаги “Толибон” жангарилари Ғарб ва у қўллаб-қувватлаётган ҳукумат тарғиботига қаршилик кўрсатиш учун мактаблар ташкил этиш мақсадларига бир миллион АҚШ доллари сарфлаш ниятида эканини маълум қилди. Толиблар матбуот вакили Абдулхай Мутмаин ғарблик мухбирларга берган баёнотида ташкил этилажак мактабларда Ислом таълимоти ва жиҳодга мос келувчи фанлар ўргатилишини айтди. Сўнгги йиллар давомида толиблар Афғонистон ҳукуматига қарши курашининг бир қисми ўлароқ, мамлакатдаги мактабларга ҳужум қилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўлдирмоқда.