Фаластин президенти Маҳмуд Аббос якшанба куни “Хамас” ҳаракатининг Сурияда сургунда яшаётган раҳбари Холид Машъал билан учрашди.

Музокара чоғида Аббос етакчилигидаги “Фатҳ” партияси ва “Хамас” ўртасида низога сабаб бўлаётган муаммоларни ҳал этишда “сезиларли муваффақиятга” эришилгани билдирилди. Бироқ томонлар Фаластиннинг миллий бирлик ҳукуматини тузиш борасида икки ҳафта ичида яна музокаралар ўтказиш кераклигига келишиб олдилар. АҚШ ва Европа Иттифоқи Фаластинга тўхтатиб қўйган ёрдамини қайта бошлаш учун томонлар бир неча ойдан бери миллий бирлик ҳукумати тузиш борасида музокара олиб бормоқда.