НАТОнинг Афғонистондаги кучлари қўмондони Дэвид Ричардснинг айтишича, “Толибон” жангариларини 1 йил ичида бутунлай тор-мор этиш учун мамлакатдаги ҳарбийлар сонини кўпайтириш лозим.

Генерал “Guardian” газетасига берган интервьюсида НАТОни 2007 йилда толиблар таҳдиди кучайишини тан олмаслик оқибатларидан огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, Афғонистонни қайта тиклаш ишларида нафақат ҳарбийлар, балки жамоат ташкилотлари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Ҳозир Афғонистонда қарийб 40 минг кишилик халқаро қўшин жойлаштирилган, улардан 30 мингдан ортиғи НАТО қўмондонлиги остида хизмат қилмоқда. АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Карл Эйкенбери эса ўз мамлакати Афғонистонни халқаро террорчилардан тозалаш амалиётларини бундан сўнг ҳам давом эттиражагини алоҳида таъкидлади.