Давосда давлат раҳбарлари ва дунёнинг йирик тадбиркорлари иштирокидаги анжуманнинг иккинчи кунида қатор сиёсий масалалар муҳокама қилинмоқда.

Анжуманда чиқиш қилган Ироқ вице-президенти Абил Абд ал-Маҳдий мамлакатда авж олган зўравонликларга барҳам бериш учун Бағдоддаги вазиятни назоратга олиш муҳимлигини айтди.
“Ироқликлар ўлароқ, биз Бағдодда хавфсизликни таъминлаш режаси ҳақида ўйлаяпмиз ва бу режанинг хавфсизликни таъминлай олишига ишончимиз комил. Агар Бағдоддаги урушда ғалаба қозонсак, мамлакатдаги воқеалар ривожини ўзгартиришимиз мумкин”, - деди ал-Маҳдий.
Унинг билдиришича, Бағдодда нафақат АҚШ ҳарбийлари, балки Ироқ хавфсизлик кучларининг сонини ҳам ошириш даркор. Куннинг иккинчи ярмида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг ҳам нутқ сўзлаши режалаштирилган.