Ўзбекистон президенти сайловига номзод сифатида қатнашиш ҳаракатида юрган тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов оиласига нисбатан тазийиқлар бошлангани маълум бўлди.

Ж.Шосалимовнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, 31 январь куни ички ишлар ходимлари унинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Шосалимовани милиция назорат пунктига олиб кетган. Бироқ кечга бориб Ж.Шосалимовга ички ишлар ходимлари томонидан бир қанча шартлар қўйилган ва унинг турмуш ўртоғи қўйиб юборилган. Бироз аввал бир неча сайтда Ж.Шосалимовнинг Ўзбекистон халқига мурожаати ҳам эълон қилинган эди. Унда Ж.Шосалимов Ўзбекистон Конституциявий судини танқид қилган ва Ислом Каримовни президентлик ваколати муддати тугаганига қарамай, ҳокимият тепасида қолаётганликда айблаган эди.