Андижонлик қочқинлар Германия Бош прокурорининг Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовни жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарорига қарши шикоят аризаси ёзди.

Германия федерал прокурори 2005 йил декабрь ойида фожеа қурбонлари шикоят аризасига рад жавоби берган эди. “Human Rights Watch” ташкилоти Германия прокурорининг бу хатти-ҳаракатини қоралаган. Устидан шикоят аризаси топширилишидан аввал З.Алматов Германияга келиб даволаниб кетган эди. Расмий Тошкент Андижонда қуролланган жиноятчиларга қарши амалга оширилган операция чоғида 189 киши ўлганини айтиб келади. Бироқ гувоҳлар ҳарбийларинг ўт очиши оқибатида мингга яқин киши ҳалок бўлганини билдирган. Бундан ташқари, юзлаб одам қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлган ва БМТ ёрдами билан бошқа мамлакатлардан, жумладан, Германиядан бошпана олган эди.