Ироқ ҳукумати вакили Али ад-Даббаҳ Бағдоддаги зўравонликларнинг ярми Суриядан келаётган жангариларнинг иши, дея баёнот берди.

У телевидение орқали қилган чиқиши чоғида баёнотига асос бўладиган далиллар расмий Дамашққа тақдим этилганини айтди. Якшанба куни Бағдодда 5 киши зўравонлик қурбони бўлди, 7 киши жароҳат олди. Шаҳарнинг суннийлар истиқомат қиладиган мавзеида полиция патрули минага дуч келиб, тўрт полициячи ўлди, яна тўрт нафари яраланди. Ироқ пойтахти марказида снаряд портлаб яна бир одам – аёл киши нобуд бўлди, 3 фуқаро яраланди. Шанба куни эса Бағдодда амалга оширилган портлаш оқибатида камида 130 киши ўлган, 300 одам яраланган эди.