Бағдодда бомба ўрнатилган иккита машина портлаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, тахминан 50дан ортиқ фуқаро жароҳатланди.

Ироқ ва АҚШ ҳарбийлари Бақуба шаҳрида ўтказган амалиёт чоғида эса радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрга содиқ бўлган “Маҳдий армияси” раҳбарларидан бири Хадхим ал-Ҳамадоний ўлдирилгани маълум бўлди. АҚШ қўмондонлиги тарқатган баёнотда айтилишича, ал-Ҳамадоний Америка ва Ироқ ҳарбийларини ўғирлаш ва уларга қарши ҳужумлар уюштиришга раҳбарлик қилган. Шунингдек, Басра шаҳрида Муқтадо ас-Садр тарафдори шайх Халил ал-Маликий номаълум шахслар томонидан отиб кетилди. АҚШ қўмондонлиги ўзининг икки ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди. Бир аскари ҳалок бўлганини эълон қилган Буюк Британиянинг Ироқда ўлган ҳарбийлари сони 100 тага етди. Якшанба куни Ироқ Ички ишлар вазирлиги тақдим этган ҳисоботда сўнгги ҳафта мобайнида мамлакатдаги зўравонликлар оқибатида жами мингга яқин фуқаро нобуд бўлгани билдирилади.