АҚШ мудофаа вазирлигининг номи ошкор қилинмаган расмийларига кўра, Эрондан Ироққа олиб кирилаётган портловчи мосламалар, 2004 йилнинг июн ойидан бери, 170 АҚШ ва халқаро коалиция аскарининг ўлимига ва 620 нафарининг жароҳатланишига сабаб бўлган.

Бу ҳақда Бағдоднинг Яшил зонасида ўтказилган ёпиқ брифингда маълум қилинди. Халқаро коалициянинг уч расмийси иштирокида ўтган учрашувда Эроннинг Инқилоб қўриқчилари гвардияси хорижий жанггариларга алоқадарликда айбланди. Расмийлардан бири Эроннинг Инқилоб қўриқчилари гвардияси экстремист ва жанггариларга Ироқда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишда ёрдам бераётганини таъкидлади. Брифингда сўз олган расмийлар хавфсизлик мақсадида исмлари ошкор этилмаслигини маъқул кўрди. Мухбирларга Эронда ишлаб чиқилган ва Ироқда қўлга олинган қуроллар тасвирга туширилган расмлар кўрсатилди. Эрон ҳукумати мазкур айбловларга ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ.